Камбоджада Таиланд фойдасига жосуслик қилганликда айбланган кабутар ушланди. Бу ҳақда The Thaiger хабар берди.

Маълум қилинишича, қуш Батамбанг провинциясидаги почта ходимлари томонидан ушланган. Ижтимоий тармоқларда тарқалган расмда кабутар оёғидаги ҳалқада “Таиланд” ёзуви акс этган. У Таиланднинг GPS тизимига уланган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган.
Таиландликлар бу даъволарни масхара билан қарши олган. Улар бу кабутар спорт ёки почта кабутари бўлиши мумкинлигини айтган. Разведка мақсадида қушлардан фойдаланиш эса эскирган усул экани таъкидланган.
Ҳарбий таҳлилчилардан бири: “Камбоджаликлар мусобақа учун етиштирилган кабутардан Таиланд ҳарбий жосусини ясамоқда”, деган мазмундаги пост ёзган.
Айримлар Таиланд яқин келажакда Британия махфий хизмати томонидан ўргатилган бойқушлардан фойдаланишда айбланиши мумкинлиги айтиб ҳазиллашган. Шунга қарамай, Камбоджа ва Таиланд ўртасидаги таранглик фонида “жосус кабутар” ҳолати жиддий қабул қилинмоқда.
Камбоджа—Таиланд тўқнашуви
Икки давлат ўртасидаги қуролли зиддиятлар янгилик эмас, томонлар ўртасидаги сўнгги можаро 24 июлда бошланган, аммо биринчи қурбон 23 июлда қайд этилган. Таиланд армиясининг беш кишилик патрул гуруҳи баҳсли ҳудудда минага учраб, жароҳатланган. Улардан бири оёғидан ажралган.
Эртаси куни Таиланд ҳарбийлари Камбоджа дрони ва олти нафар қуролланган аскарни ўз ҳудуди яқинида кўрганини билдирган. Камбоджа бу даъволарни инкор этмаган, аммо можаро бошланишида Таиландни айблаган.
Охирги йирик тўқнашувлар 38 кишининг ҳаётига зомин бўлган. 28 июль куни томонлар ўт очишни тўхтатишга ва бевосита мулоқотни тиклашга келишиб олган. Бироқ баҳсли ҳудудлар муаммоси ҳануз ечимсиз қолмоқда.
Изоҳ (0)