18 июль куни Германиядан янги ҳукумат даврида биринчи марта қонунбузарлик учун суд ҳукми чиқарилган Афғонистон фуқароларини депортация қилиш рейсини амалга оширди. Бу ҳақда Германия ички ишлар вазири Александр Добриндт маълум қилди.

Таъкидланишича, бу Германия канцлери Фридрих Мерс даврида миграция сиёсатини қаттиқлаштириш йўналишидаги биринчи “депортация рейси" бўлди. Самолёт аллақачон Афғонистон пойтахтига қўнган.
Bild нашри маълумотларига кўра, чиқариб юборилганлар рўйхатида 81 нафар афғон бор. Уларнинг суд ҳукмларининг умумий муддати икки юз йилдан ортиқ қамоқни ташкил этади. Улар орасида 12 қотил ва 17 жинсий зўравонлик учун ҳукм қилинган, шунингдек, бошқа зўравонлик жиноятларини содир этган қирқдан ортиқ хавфли жиноятчи бор. Рўйхатда бир нечта гиёҳванд моддалар сотувчилари ҳам мавжуд.
Қайд этилишича, чиқариб юборилганлар орасида 2019 йилда Иллеркирхбергда уч шериги билан бирга қочқинлар марказида 14 ёшли мактаб ўқувчи қизни бир неча соат давомида зўрлаган афғон ҳам бор.
Вазир Александр Добринтнинг таъкидлашича, Афғонистонга чиқариб юборишлар келгусида ҳам ишончли тарзда амалга оширилади.
“Чиқариб юборилиши лозим” мақомидаги афғонларни жўнатиш учун яна камида 16 та рейс керак бўлади, дейди Александр Добринт.
Хорижликлар марказий реестри маълумотларига кўра, 30 июнь ҳолатига кўра, Германияда Афғонистоннинг 1710 фуқароси бўлиб, улар кечиктирмасдан чиқариб юборилиши керак. ГФРга ноқонуний кирган яна 9462 афғонистонликнинг эса депортацияси муддати кечиктирилган.
Изоҳ (0)