Германия миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Йоахим Лёв Ўзбекистон миллий терма жамоасини бошқариши мумкин. Бу ҳақда бир қатор хорижий оммавий ахборот воситалари, жумладан, Германиянинг Footboom.de портали хабар бермоқда.

Манбаларга кўра, Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) 64 ёшли мутахассис билан музокараларни бошлаган. Агар музокаралар ижобий якунланса, Йоахим Лёв Ўзбекистон миллий терма жамоасининг мураббийлар штабида маслаҳатчи мураббий сифатида фаолият юритади.
Йоахим Лёвнинг Ўзбекистон миллий терма жамоасида ишлаш эҳтимоли юқори баҳоланмоқда. Сабаби, жамоа илк бор 2026 йилда АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритди. Мусобақада керакли натижага эришиш учун тажрибали мутахассислар ёрдами зарур деб ҳисобланмоқда.
Маълумот учун, Лёв 2006 йилдан 2021 йилгача Германия терма жамоасини бошқарган. У мураббийлик фаолияти давомида 2014 йилда Бразилияда ўтказилган Жаҳон чемпионатида жамоасига чемпионликни қўлга киртишида ёрдам берган. 2017 йилда эса “немис машинаси” билан Конфедерациялар Кубогида зафар қучган. Лёв 2021 йилда Германия терма жамоасидан кетганидан буён ҳеч бир клуб ёки терма жамоани бошқаргани йўқ.
Изоҳ (0)