Хитойнинг China State Construction Engineering Corporation компанияси маблағлари ҳисобига Тошкентда 200 километр йўл таъмирланиб, тўртта йўл ўтказгич қурилади. Бу ҳақда пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, шу мақсадда Хитой компаниясидан 300 миллион доллар жалб қилган. Бу маблағлар кенг кўламли реконструкция ва таъмирлаш ишларини амалга оширишга йўналтирилмоқда.
“Тошкент шаҳрида 200 километр йўл ва тўртта йўл ўтказгич барпо этилади”, деган ҳоким.
Ижтимоий тармоқларда Шота Руставели кўчаси реконструкциясига 198 миллион доллар сарфланиши ҳақида хабарлар тарқалганди. Тошкент шаҳар ҳокимлиги буни рад этиб, бу сумма пойтахтнинг 200 километрга яқин йўл инфратузилмасини босқичма-босқич реконструкция ва модернизация қилиш учун мўлжалланган дастлабки умумий ҳисоб-китоблигини билдирди.
Ҳокимлик ҳар бир лойиҳа бўйича якуний нарх фақат бажарилган реал ишлар асосида шаклланишини маълум қилди. Қайд этилишича, Шота Руставели кўчасининг комплекс реконструкцияси, Амир Темур шоҳ кўчаси, Шаҳрисабз кўчаси, Янги Сергели кўчасининг йўл ва инфраструктура янгиланиши ҳамда Олмазор туманида йирик йўл объектининг қурилиши биринчи босқичда 50 миллион долларга баҳоланган.
Шота Руставели кўчасида, жумладан автобуслар тезкор ҳаракатланиши учун BRT йўлаги қурилиши ҳам режалаштирилган.
2024 йил ноябрида Тошкент ҳокимлиги ва Хитойнинг China State Construction компанияси деярли 1 миллиард долларлик лойиҳалар бўйича келишиб олганди. Унинг қарийб 300 миллион долларлик лойиҳаси доирасида пойтахт йўл инфратузилмаси яхшиланиши керак, яна 259 миллион доллар эса тирбандликнинг олдини олиш учун замонавий кўприклар қурилиши лозим. Йўллар ва ёндош объектларни модернизация қилиш, 200 дан ортиқ мутахассис, жумладан, геодезист ва транспорт муҳандисларини жалб қилиш режалаштирилган.
Изоҳ (0)