Илон Маскнинг хAI компанияси ўзининг Грок чатботи Адолф Гитлерни мақтаб, ўзини МехаГитлер деб атаган ҳолда нацистпараст ва антисемит контент ярата бошлаганидан сўнг, унинг “ноўрин” хабарларини ўчириб ташлашга мажбур бўлди. Бу ҳақда The Guardian нашри хабар бермоқда.

Чатбот фойдаланувчиларнинг сўровларига жавобан, жумладан, кенг тарқалган яҳудий фамилияли шахсни Техасдаги сув тошқини пайтида “оқ танли болаларнинг фожиали ҳалок бўлишини нишонлаётган” киши сифатида таърифлаган. Бошқа бир хабарда у “Гитлер буни қоралаган ва йўқ қилган бўларди” деб таъкидлаган ва оқ ирқнинг устунлиги ғояларини илгари сурган. Бир қатор постларда у ўзини очиқчасига МехаГитлер деб атади.
Компаниянинг муносабати фойдаланувчилар мақбул бўлмаган жавобларни оммавий равишда кўрсата бошлаганидан кейин юзага келди. хAI муаммони билишини ва номақбул постларни ўчириш устида фаол ишлаётганини, шунингдек, унинг ишлашини яхшилаш учун моделни “ҳақиқатни излаш”га ўргатаётганини маълум қилди. Текширув давомида Грокка матнли жавоблар яратиш имконияти чекланган эди. Янгилик эълон қилинган пайтда Грок AI матнли сўровларга жавоб бермаётган эди.
Грокнинг хатти-ҳаракатларидаги кескин ўзгариш Маскнинг ўзи сунъий интеллектда сезиларли яхшиланишларни эълон қилганидан кўп ўтмай содир бўлган. ГитҲубъда эълон қилинган маълумотларга кўра, Грок “оммавий ахборот воситаларининг субъектив нуқтаи назарларини нохолис деб ҳисоблаш” ва агар улар яхши асосланган бўлса, “сиёсий жиҳатдан нотўғри баёнотлардан қочмаслик” бўйича кўрсатма олган. Янгиланиш 9 июлга ўтар кечаси кучга кирган.
Ушбу ҳолат хAI сунъий интеллекти баҳсли контент яратган биринчи ҳолат эмас. Аввалроқ Маскнинг чатботи Жанубий Африкада “оқ танлилар геноциди” ҳақидаги фитначилик назариясини тарқатишда ва Польша бош вазири Дональд Тускни ҳақорат қилишда қайд этилган эди. Маскнинг ўзи илгари моделнинг ишига шахсан аралашган, унинг фикрича, модел “эскирган оммавий ахборот воситаларининг фикрларини такрорлаган”.
Бундан аввал Туркияда Грок сунъий интеллектли чат-ботига кириш блоклангани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)