Туркманистонда илк бор тош қоғоз ишлаб чиқарила бошланди. Бу ҳақда маҳаллий манбалар хабар берди.

Янги очилган Derýa Ýoly компанияси йилига 5500 тонна экологик тоза тош қоғоз ишлаб чиқаради. Қоғоз калсит ва полимерлардан, заҳарли моддаларсиз тайёрланади. Анъанавий ёғоч қоғоздан фарқли ўлароқ, бу маҳсулотни ишлаб чиқаришда дарахтларни кесиш ва сув талаб этилмайди, чиқиндилар эса атроф-муҳитга зарар етказмайди.
Материал сув ўтказмайди, йиртилишга чидамли, ҳашаротлардан ҳимояланган ва озиқ-овқат билан бевосита контактда бўлиши мумкин. Тош қоғоздан дафтар, альбом, конверт, табрикнома, босма маҳсулотлар, бир марталик идиш-товоқлар ва қадоқлаш халталари тайёрланади. Маҳсулотнинг экологик хавфсизлиги ҳам эътиборга олинган: таркибидаги ноорганик кукун туфайли у 10–12 ойда қуёш ва ёмғир таъсирида парчаланади.
Компания фаолияти Туркманистон ҳукумати томонидан қабул қилинган импорт ўрнини босиш дастури доирасида олиб борилмоқда.
2021 йил февраль ойида Ўзбекистонда тош қоғоз ишлаб чиқариш корхонаси очилган эди. Ундан полиграфия маҳсулотларидан ташқари қадоқлаш ва гулқоғозлар ҳам тайёрланади. Ўша пайтда МДҲ мамлакатларида бу ишлаб чиқаришнинг муқобили бўлмаган.
Изоҳ (0)