Ўзбек олимлари хитойлик ҳамкасблари билан тиббиётда қўлланилувчи антисептик воситасини ишлаб чиқишнинг янги усулини яратди, деб хабар беради Фанлар академияси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ЎзФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти лаборатория мудири Бахтиёр Расулов бошчилигидаги бир гуруҳ олимлар хитойлик ҳамкасблари (Хитой физика-кимё институти) билан ҳамкорликда нанобиоматериаллар олиниб, уларнинг одамда турли касалликларни қўзғатувчи патоген микроорганизмларга тез таъсир этиши исботланди.
Ушбу ишланмадан тиббиётда (антисептик восита) ва қишлоқ хўжалигида экинларнинг фитопатоген замбуруғларига қарши курашда фойдаланиш мумкин.
Бактерия полисахаридларига нанозарраларини киритиш орқали янги нанобиоматериаллар олиш борасида ҳар икки институт ҳамкорлигида 2012-2018 йиллар давомида қатор илмий лойиҳалар бажарилди. Бактерия полисахаридлари бошқа воситаларга қараганда инсон танасига зарарли таъсир кўрсатмаслиги сабабли таркибида нанозарралар сақлаган нанобиоматериаллар олишда кенг қўлланилмоқда. Ушбу лойиҳалар доирасида ҳам тадқиқотчилар айнан бактерия биополимерларидан фойдаланишди.
Бундай турдаги нанобиоматериалларнинг яна бир муҳим хусусияти уларнинг вирусларга қарши тез ва самарали таъсир эта олишидир. Ҳозирда нанозарраларнинг вирусларга қарши қўллашни тадқиқ этиш учун лойиҳа муҳокама қилинмоқда.
Изоҳ (0)