Шавкат Мирзиёев Абдулла Авлоний номидаги Педагогик маҳорат миллий институтида таълим-тарбия соҳаси вакиллари билан мулоқотида ўқувчиси халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқитувчилар энди 150 миллион сўмгача мукофотланишини айтди.
Иқтидорли ёшларни селексия қилиш тизими янги босқичга олиб чиқилади. Бунинг учун халқаро даражада фан олимпиадаларига тайёрлаш маркази ташкил этилади.
Рағбатлантириладиган халқаро фан олимпиадалари сони 18 тадан 22 тага етказилади.
Бунда нуфузли халқаро олимпиадада
- олтин медал олган ўқувчига — 170 миллион сўм,
- кумуш медалга – 102 миллион сўм,
- бронза медал учун – 68 миллион сўм мукофот пули берилади.
Шу билан бирга, ана шу ўқувчиларнинг ўқитувчилари 50 миллиондан 150 миллион сўмгача мукофотланиб, уларга бир йилда 100 фоизлик устама олиш имкони яратилади.
Илк бор халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчилар жамоаси раҳбарларини ҳам рағбатлантириш тизими йўлга қўйилади.
Президент халқаро фан олимпиадаларида ғолиб бўлган ўқувчиларни тантанали кутиб олиб, уларни ҳам қаҳрамонлар сифатида эъзозлаб, халққа танитиш зарурлигини таъкидлади.
Изоҳ (0)