Америка қўмондонлиги АҚШнинг Яқин Шарқдаги контингентини кучайтиришга қарор қилди. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Пэт Райдерга таяниб, Associated Press (AP) хабар берди.
“Исроил ва ‘Ҳизбуллоҳ’ ўртасидаги можаро кучайиб, кенг кўламдаги минтақавий уруш хавфи туғилгани сабабли АҚШ Яқин Шарққа қўшимча қўшин юбормоқда”, дейилади агентлик хабарида.
Бироқ Райдер минтақага қанча америкалик аскар кўчиб ўтиши ва уларнинг вазифалари қандай бўлишига аниқлик киритмади. AP’нинг эслатишича, Қўшма Штатлар ҳозирда Яқин Шарқда 40 мингга яқин аскарга эга.
Исроил бугун 23 сентябрь куни Ливандаги “Ҳизбуллоҳ”нинг 800 га яқин нишонига ракета зарбалари берди. The Times of Israel газетасининг хабар беришича, Исроил ҳарбийлари Ливан фуқароларини қуроллар сақланиши мумкин бўлган тинч аҳоли уйларига ҳужум қилишлари ҳақида огоҳлантирган.
Шунингдек, Исроил берган маълумотларга кўра, душанба куни Ливандан камида 180 та ракета учирилган.
Изоҳ (0)