Бухоро вилоятида 9 ой ичида атмосферани ифлослантирган 117 нафар мансабдорга чора кўрилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларининг бузилишига қарши доимий назорат рейд тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Рейд давомида ўтган 9 ой ичида жами 1 356 нафар фуқаро томонидан ҳуқуқбузарлик содир этилгани маълум бўлди. Хусусан, ҳуқуқбузарларнинг 117 нафари мансабдор шахслар эканлиги аниқланди. Улар қурилиш чиқиндилари ва бошқа чиқинди турларини ёқиш, шунингдек, дала ва аҳоли пунктларида хазон, шох-шаббаларга ўт қўйиш каби ҳуқуқбузарликларни содир этган.
Ҳолат юзасидан фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштирилди. Ҳуқуқбузарлар жами 332 миллион сўм миқдорида жаримага тортилди.
Аввалроқ Бухорода ўсимлик қолдиқларини ёқиб юборган тўрт киши 4,7 млн сўмдан жаримага тортилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Навоийда ҳавони ифлослантиргани учун 22 нафар фуқаро жаримага тортилганди.
Изоҳ (0)