Ўзбекистонда 10 апрелдан ҳозирга қадар республика бўйлаб 58 минг 822 та автомобиль экологик назоратдан ўтказилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, шундан 518 та транспорт воситаси атмосферага меъёридан ортиқ зарарли моддалар чиқараётгани аниқланган ҳамда жами 303 нафар ҳайдовчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан жами 50,1 миллион сўм жарима қўлланилган. Шунингдек, 222 та транспорт воситасининг ҳаракати вақтинча тўхтатилган.
Таъкидланишича, “Тоза ҳаво” ойлигининг биринчи босқичи доирасида ўтказилмоқда. Мазкур босқич 10 майга қадар давом этади.
Тадбир давомида жами 200 мингта автотранспорт воситаларини экологик назоратдан ўтказиш белгиланган.
Аввалроқ 2024 йил 1 июндан бошлаб барча тоифадаги автомототранспорт воситаларидан ифлослантирувчи моддалар ташламаларининг атмосфера ҳавосига зарарли таъсири бўйича йўл қўйиладиган нормативларга мослигини назорат қилиш бўйича “Экологик транспорт” тизими босқичма-босқич жорий этилиши тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)