Профессионал бокснинг биринчи ярим енгил вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Муроджон Аҳмадалиев япониялик боксчи Наоя Иноуэ ҳақида гапириб ўтди.
“У — чемпион. P4P етакчиларидан. Наояни ҳурмат қиламан. Бироқ у мен билан жанг қилиши керак. Мен ҳам ушбу вазнда энг кучлиларидан бириман, жаҳон чемпиони бўлганман. Балки Иноуэ мендан қўрқаётгандир. Боксда эришиш мумкин бўлган барча имкониятлар менда бор. Рингда кўп нарсани уддалай оламан.
Иноуэ билан жанг бўлса, мен шундай жанг кўрсатардимки, улар ўзлари ҳайратда қолишар эди. Нима учун у мен билан жанг қилишни истамаяпти? Чунки бу жанг у учун хавфли. У ўзини энг кучлиман деб ҳисоблайди, лекин мен билан жанг қилишга ботинолмайди. Буни қандай тушунтиришни билмайман. Агар у мен билан жанг қилишни хоҳламаса, демак, у энг кучли боксчи эмас!
Мен тайёрман. Аллақачон унга чақирув ташлаганман. Исталган жойда — Япония ёки Америка, менга бунинг фарқи йўқ. Исталган жойда жанг қилишга тайёрман”, — дейди Аҳмадалиев.
Маълумот учун, 31 ёшли япониялик Наоя Иноуэ айни пайтда иккинчи энг енгил вазн тоифасида WBA, WBC, WBO ҳамда IBF камарлари соҳиби ҳисобланади. Муроджон Аҳмадалиев эса унинг WBA камари учун мажбурий даъвогар бўлиб турибди.
Аҳмадалиев 2023 йилнинг декабрь ойида Кевин Гонсалесга қарши жанг қилганди. Қарама-қаршиликнинг 8-раундида ўзбекистонлик бокчи рақибини техник нокаутга учратиб, ғалаба қозонган эди.
Наоя бугун мутлақ жаҳон чемпионлиги унвонини ҳимоя қилди. Токиода бўлиб ўтган бокс оқшомида япониялик спортчи Ти Жей Доэнига қарши жанг қилиб, еттинчи раундда уни нокаутга учратди. Иноуэнинг зарбасидан сўнг Доэни жангни давом эттиролмаслиги маълум бўлди.
Изоҳ (0)