Сурхондарё вилоятида автомобиль йўллари баъзи қисмларини реконструкция қилишда қарийб 9,5 минг туп дарахт кўчирилиши мумкин. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот котиби хабар берди.
Унга кўра, 2 июль кунида Автомобиль йўллари қўмитасидан Экология вазирлигига Сурхондарё вилоятида 4Р105 Дарбанд—Бойсун—Элбаён ва 4Р100 Манғузор—Жарқўрғон—Бандихон—Олтинсой—Денов автомобиль йўлларининг баъзи қисмларини реконструкция қилиш лойиҳасини амалга ошириш жараёнига тўсқинлик қилаётган 9 405 туп дарахтни кўчириб ўтказишга доир тегишли кўрсатма сўралган хат йўлланган.
Вазирлик бунга жавобан президентнинг 2021 йилдаги фармонига мувофиқ давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторий амал қилингани ҳамда 2023 йилдаги фармонига кўра экология ва атроф-муҳитга зарар етказиш, ўсимлик ва ҳайвонот олами дунёси объектларини нобуд қилиш ёки уларга шикаст етказиш билан боғлиқ жиноятларни оғир жиноятлар тоифасига киритиш белгиланганини эслатган.
Юқорида қайд этилган ҳудуддаги дарахтларнинг кўп йиллик ёши ва ҳажмидан ҳамда уларнинг ҳозирда тиним (вегетация) даврида эканидан келиб чиқиб, Экология вазирлиги дарахтларни кўчиришга рад жавобини берган. Шунингдек, ушбу лойиҳани амалга оширишда дарахтлардан холи ҳудудни танлаш ва бу борада лойиҳага тегишли ўзгартиришлар киритишни тавсия қилган.
Қайд этилишича, мазкур лойиҳанинг амалга ошиш масаласи айни дамда Ҳукумат комиссияси томонидан кўриб чиқилмоқда, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги томонидан инсон ҳаёти хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ушбу йўналишдаги йўл инфратузилмаси такомиллаштирувга муҳтожлиги таъкидланмоқда.
Кучли ёмғир ёғиши ва сел келиши оқибатида йўл ва кўприклар таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Автомобиллар сонининг кундан кунга ошиши эса йўлларда тирбандликларни юзага келтирмоқда. Натижада автомобилларнинг ҳаракатланишида қийинчиликлар юзага келиб, автоҳалокатлар кўпаймоқда. Жумладан, 2022-2024 йиллар мобайнида бу ерда 54 та ЙТҲ содир бўлган, бунинг натижасида эса 19 нафар фуқаро вафот этган, 31 нафар фуқаро турли тан жароҳат олган.
Шу боис айни дамда лойиҳа доирасидаги ҳудудда мавжуд дарахтлар ҳолати, сони, тури, ўлчами ва қийматини аниқлаш бўйича Сурхондарё вилоят Экология бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)