Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда депутат Ярослав Железняк хабар берди.
Украина Олий Радасида 240 нафар депутат Кулебанинг истеъфоси учун овоз берди, фақат бир киши қарши чиқди. Сиёсатчи ҳафта бошида бир қанча вазирлар ва бош вазир ўринбосарлари каби истеъфосини Украина парламентига тақдим этганди. 5 сентябрь куни Олий Радада бу масала бўйича овоз бериш бўлиб ўтди.
Жараёнда Дмитирй Кулеба иштирок этмаган ва ҳисобот тақдим қилмаган. Украина ТИВ раҳбарлигига асосий номзод ташқи ишлар вазирининг амалдаги биринчи ўринбосари Андрей Сибига бўлиши кутилмоқда.
4 сентябрь куни Украина Олий Радаси стратегик саноат вазири Александра Камишин, адлия вазири Денис Малюска, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслар вазири Руслан Стрелец ҳамда бош вазирнинг евроинтеграцияси бўйича ўринбосари Олга Стефанишинани лавозимидан озод қилди.
- Украиналик сиёсатчи Дмитрий Кулеба 1981 йил 19 апрелда Суми шаҳрида туғилган. 2003 йилда Тарас Шевченко номидаги Киев миллий университетининг Халқаро муносабатлар институтини халқаро ҳуқуқ мутахассислиги бўйича имтиёзли диплом билан тамомлаган. Юридик фанлар номзоди (2006).
- 2019 йил августдан 2020 йил мартгача — Украинанинг Европа ва Евроатлантика интеграцияси бўйича бош вазир ўринбосари. 2020 йил 4 мартдан Украина ташқи ишлар вазири этиб тайинланган.
Изоҳ (0)