Германия Ғазо сектори аҳолисига гуманитар ёрдам миқдорини ошириб, яна 50 миллион евро ажратмоқда. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок иорданиялик ҳамкасби Айман ас-Сафадий билан учрашувдан сўнг бу ҳақида Х ижтимоий тармоғида маълум қилган.
“Ғазо халқи ёрдамимизга муҳтож бўлиб қолмоқда. Гўдаклар учун озуқавий қўшимчалардан тортиб, вайроналарни тозалаш ва ичимлик суви ифлосланишининг олдини олишда ёрдам бериш учун маблағ керак. Биз шу мақсадда яна 50 миллион евро гуманитар ёрдам берамиз”, деб ёзади Бербок.
Унинг сўзларига кўра, янги траншни ҳисобга олган ҳолда, 2023 йилдан бери Германиянинг ғазоликларга ёрдам кўрсатиш ҳажми 360 миллион евродан ошган.
Германия ТИВ маълумотларига кўра, 2024 йилда Германиядан Иорданияга етказиладиган инсонпарварлик ёрдами 63 миллион еврогача кўтарилади. Вазирликнинг қўшимча қилишича, “Иордания йўлаги” деб номланган йўналиш бўйлаб юк машиналари колонналари томонидан ёрдам етказиб беришни давом эттириш учун Германия қўшимча 5 миллион евро ажратади.
Изоҳ (0)