“Надомат” лойиҳасининг навбатдаги суҳбатдоши Гулсара Курсанбоева айни дамда Зангиота туманидаги 42-сонли манзил колониясида жазо муддатини ўтамоқда. У спиртли ичимлик таъсирида турмуш ўртоғининг жонига қасд қилган.
Маҳкума Гулсара Курсанбоева 41 ёшда, Тошкент вилояти Янгийўл туманида туғилган. У Жиноят кодексининг 97-моддаси, 1-қисми билан айбдор деб топилиб, 8 йилга озодликдан маҳрум этилган.
— Турмуш ўртоғим билан 2008 йили Россияга ишлагани борганимда танишганман. Мен оила қурмагандим, у эса бир фарзанди бор, аммо оиласидан ажрашган эди. Бир йилга яқин гаплашиб, кейин оила қуришга қарор қилдик. Опа-сингилларим ҳам Россияда эди, улар никоҳдан ўтганимни билишди, онамдан эса телефон орқали розилик олдик. Кейин қайнота-қайнонамни кўриш учун Ўзбекистонга келганимизда у ўртоғини ўлдириб қўйиб, 10 йилга озодликдан маҳрум этилди. У пайтда мен ёш келинчак эдим.
Турмуш ўртоғимдан воз кечганим йўқ, қайнонам билан ҳам муносабатларим яхши эди. Опаларим ишга чақиришганидан кейин яна Россияга қайтиб кетдим. Ишлаган пулларимни онамга жўнатиб, Янгийўлдан ер сотиб олдик. Кейин онамнинг ёрдами билан уй қуришни бошладим.
Онам чала битган уйимизга бир эр-хотинни ижарага қўйган экан. Аёл ҳомиладор бўлиб, кейин боласини ташлаб кетган. Иш тегишли ташкилот ходимлари томонидан ўрганилган ва онам болани васийлик асосида ўзида қолдиришларини сўраган. “Эринг 10 йилга қамалиб кетди, ҳали сенда бола бўладими-йўқми, ҳужжатда онаси мен бўламан, лекин уни ўзинг катта қиласан”, деганди. Россиядан қайтиб болани бағримга босдим, Фариджон деб исм қўйдим. Аввалига ҳаммаси яхши эди, кейинроқ боланинг тутқаноқ касали, бир оёғи бошқасидан калта экани ва чап қўли яхши ишламаслиги аён бўлди. Аммо меҳрим тушиб қолгани учун ундан воз кечишни ҳаёлимга ҳам келтирмадим. Ўзимда ҳам туғма эпилепсия бўлгани учун қўлдан келганча боламни даволатдим.
Аввалига хўжайиним болани асраб олганимга норози бўлди. “Майли сенга овунчоқ бўлади”, деб унга бўлган муносабати ҳам анча ўзгарди.
Роппа-роса 10 йилдан кейин жазо муддатини ўтаб қайтди. Бир йилдан ортиқ яхши яшадик, аммо кейин турмуш ўртоғим ичкиликка берилиб кетди. Уйда ҳар хил таблеткалар топиб олардим, уларни ичгач, турмуш ўртоғимнинг сархуш бўлиб қолишини сезиб уларни ташлаб юборардим.
“Нега ташладинг, уларни неча пул туриши биласанми?” деб бақирарди. Минг ўртоқлари ёмон бўлгани билан одамнинг ўзида ирода бўлиши керак экан. Турмуш ўртоғим иродасизлик қилди, топган пулини кайф-сафога сарфлади. Шундан кейин у ногирон онам ва фарзандимни ёқтирмай қолди. Ҳар кунги жанжаллардан чарчаган онам қишлоққа кетиб қолди.
Уйда йўқлигимда ўғлимга арқон кўрсатиб “Онангга айтсанг шу билан осиб қўяман”, деб қўрқитган экан. Шундан кейин у билан яшашни истамадим. Уй меники, унинг ҳеч қандай ҳиссаси йўқ эди. Шу боис уйдан кетишини сўрадим, аммо бугун кетиб эртасига яна қайтиб келаверарди. Шундан кейин устидан ариза ёзиб, тегишли ташкилотлардан ёрдам сўрадим.
Ўзим ҳам спиртли ичимлик истеъмол қилардим. 2021 йилнинг 12 август куни бирга ичдик. Аввалига кайфиятимиз яхши эди, кейин яна жанжаллашдик. Эски гап-сўзлар яна такрорланди. Маҳалла нозирига қўнғироқ қилгандим, уни олиб кетишди. Аммо ярим соатдан кейин қайтиб келиб, кечирим сўради. Уйга бозорлик қилиб келди ва яна спиртли ичимлик истеъмол қилдик. Онам фарзандим билан бирга қишлоққа қайтиб кетганидан кейин нарсаларимни йиғиштириб Россияга ишлаш учун кетмоқчи бўлиб юргандим. Турмуш ўртоғим кетишимни истамасди. Ўша куни маош олганини билиб “Касалманд онангизни кўргани бориб, озгина пул бериб келинг, мен уйда бўламан”, деб алдаб эртасига Россияга кетишни режалаштиргандим. Аммо у бормади. Хуллас, кун давомида ичдик, кейин жанжаллашдик. Мен эса маҳалла нозирига қўнғироқ қилиб “Олиб кетинглар”, деб бақираман. Бу ҳолат уч марта такрорланганидан кейин маҳалла нозири “Энди қайтмайди, уйга кетгунича кузатиб тураман”, деди.
Келмаса керак деб синган идиш-товоқларни йиғиштириб турсам яна кириб келди ва ўз-ўзидан сочимдан тортиб, ётоқхонага судради. Ўшанда стол устида турган ош пичоғини олиб, у билан кўкрагини кесиб юборган эканман. Аммо пичоқда қон изи йўқ эди. Яна маҳалла нозирига қўнғироқ қилдим. У пайтда вақт алламаҳал бўлиб қолганди. Маҳалла нозири уйга келди, аммо турмуш ўртоғимни тополмади. У уйда ҳам, кўчада ҳам йўқ эди.
“Пичоқ билан қўрқитибсиз-ку, энди қайтмаса керак”, деб кетди. Ярим соатдан сўнг сигарет чекиш учун ҳовлига чиқсам, у кран тагида ётган экан. Яна маҳалла нозирига қўнғироқ қилдим, у кўтармади. 102 га қўнғироқ қилиб “Эрим ўлиб ётибди”, деб айтдим. Тунги 12:45 да қўнғироқ қилган бўлсам 1:40 да маҳалла нозири билан тез ёрдам шифокорлари келди. Унгача бир неча метр нарида турмуш ўртоғимнинг мурдасига қараб турдим. Аммо мен ҳақиқатан ўлганига ишонмагандим. Ухлаб қолган бўлса керак деб ўйлагандим.
Аниқ эсимда у юриб ётоқхонадан чиқиб кетганди, менимча маҳалла нозири келган вақтда қўрқиб яшириниб олган бўлган. Чунки у қайта қамалишдан ниҳоятда қўрқарди. Кейин сув ичиш учун кран ёнига келган ва йиқилиб ўлиб қолган, деб тахмин қиламан.
Айбимга иқрорман, катта хатога йўл қўйдим. Агар ўша куни спиртли ичимлик ичмаганимда шунча воқеалар бўлмаган бўларди. Нафақат бир инсоннинг ўлимига балки, ногирон онам ва фарзандимга ҳам жабр қилдим. Аллоҳнинг олдига борганимда ана шу гуноҳимни айтиб беришдан қўрқаман. Бу ҳақида ҳар куни ўйлайман, виждоним қийналади. Турмуш ўртоғимни яхши кўрардим, агар унга садоқатим бўлмаганида 10 йил озодликка чиқишини кутмасдим. Турмуш ўртоғимнинг менга бўлган муносабати ҳам яхши эди, ўғлим ва онамга бўлган муносабати сабаб жанжаллашардик.
Судьядан менга ўлим жазосини беришини сўрагандим. Чунки қилган ишимни ҳеч нарса билан оқлай олмайман, дейди маҳкума.
Изоҳ (0)