Россия президенти Владимир Путин 13 йил ичида илк бор Чеченистонга ташриф буюрди. Уни 20 август куни Грозний аэропортда республика раҳбари Рамзан Қодиров кутиб олди.
Путин ташриф давомида Аҳмат Қодиров қабрини зиёрат қилган, Гудермессдаги Россия махсус кучлари университетида урушга кетаётган кўнгиллилар билан учрашган.
Ташриф дастурининг биринчи пункти бўлган Аҳмат Қодиров қабрини зиёрат қилиш чоғида Путин терактда ҳалок бўлган республика раҳбари унинг яқин дўсти эканини айтиб, уни “жуда истеъдодли ва ҳалол” деб таърифлаган.
“У чечен халқи учун кўп иш қилган. Менимча, у чечен халқини анча даражада қутқариб қолган”, деган Россия президенти.
Шундан сўнг Путин махсус кучлар университетида фронтга тайёрланаётган кўнгиллилар билан суҳбатлашган.
“Сиз ўзингиз учун мураккаб қарор қабул қиляпсиз. Бу ерда тирда отиш бошқа, ҳаётингиз ва соғлиғингни хавф остига қўйиш бошқа. Аммо сизда Ватанни ҳимоя қилиш учун ички эҳтиёж ва бундай қарор қабул қилишда жасорат бор. Агар шундай қарорга келган бўлсангиз, унда аллақачон ғолиб бўлгансиз”, деган у кўнгиллиларга.
Қодиров эса Путинга Чеченистонда бир неча ўн минг тайёргарликдан ўтган жангчилардан иборат захира тузилгани ва улар буйруқ берилиши биланоқ урушга жўнашга тайёр эканини айтган.
Путин махсус кучлар университетидан сўнг Грознийдаги Исо пайғамбар номидаги янги масжидга борган. У ерда Рамзан Қодиров ва муфтий Салоҳ Межиев унга Чеченистоннинг фахрий фуқароси белгиси ва гувоҳномасини топширган.
Қодиров, шунингдек, Россия президентига Путин номидаги Грознийнинг янги тумани макетини кўрсатган. Унда кўп қаватли уй-жойлар ва ижтимоий инфратузилма объектлари бўлади. 2008 йилдан бери республикада Грознийнинг марказий қисмидан ўтган Путин проспекти мавжуд.
Ташриф якунида Чеченистон раҳбари билан учрашув бўлиб ўтган. Украинада уруш бошланганидан бери Чеченистон 47 мингдан ортиқ жангчини, шу жумладан, 19 мингга яқин кўнгиллиларни жанговар ҳаракатлар зонасига юборди.
Изоҳ (0)