Россия таркибига кирувчи Чеченистон республикаси раҳбари Рамзан Қодиров президент Путин унга генерал-полковник унвонини берганини маълум қилди. Бу ҳақда у ўз Telegram-каналида ёзди.
«Сизлар билан яна бир хушхабарни бўлишмоқчиман. Россия президенти менга генерал-полковник унвонини тақдим этди. Фармон 709 рақами остида чиқди. Владимир Владимирович бу ҳақда шахсан ўзи мени хабардор этди ва табриклади. Хизматларимни юқори баҳолагани учун Олий Бош қўмондонимиздан чексиз миннатдорман! Бу мен учун катта шараф. Билдирилган ишончни оқлашга сўз бераман», — деб ёзди Қодиров.
709-рақамли фармон расман эълон қилинганича йўқ. 5 октябрь куни Қодиров 46 ёшга тўлди.
Генерал-полковник унвони РФ Қуролли кучларида мартаба бўйича маршал ва армия генералидан кейинги учинчи ўринда туради. Бундан аввалги генерал-лейтенант унвони Қодировга уруш бошланганидан кейин кўп ўтмай, 2022 йил мартида берилганди.
У 2007 йил февраль ойидан бери Чеченистонга раҳбарлик қилиб келмоқда ва Россия федерал ҳудудлари орасида бир республикани энг кўп бошқарган етакчи ҳисобланади.
Чеченистон раҳбари 2020 йил июль ойида Россия гвардиясининг генерал майори унвонига лойиқ кўрилганди. Бундан ташқари, у мамлакатдаги энг олий унвони Россия Федерацияси қаҳрамони бўлган, шунингдек «Ватан олдидаги хизматлари учун» III даражали ордени, «Жасорат» ордени, «Шараф» ордени ва бошқа давлат мукофотларининг эгаси ҳисобланади.
2020 йил якунларига кўра, Қодиров энг бой Россия губернатори деб топилган: у бир йил ичида 381,19 миллион рубль ишлаб олган. Охирги икки йилда Чеченистон раҳбарининг даромади 50 бараварга ошган: у 2018 йилда 7,5 миллион рублни декларация қилган бўлса, 2019 йилда ушбу маблағ 148 миллион рублга етган.
Мавзуга доир:
- «Бу борада Гиннеснинг рекордлар китоби муқовасида бўлишим керак» — Рамзан Қодиров санкцияларга нисбатан истеҳзоли жавоб қайтарди
- Қодиров вояга етмаган уч ўғли уруш зонасига юборилишини маълум қилди (видео)
- Қодиров Чеченистонда ҳарбий хизматга чақирув режаси 254 фоизга ортиғи билан бажарилганини маълум қилди
Изоҳ (0)