Рақобат қўмитаси “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ ва “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖ томонидан истеъмолчилардан 1,3 миллиард сўмга яқин ортиқча ундирилган тўловларни қайтариши юзасидан кўрсатма бериб, молиявий жарима қўллади.
Қўмита матбуот хизматининг хабар қилишича, уларнинг фаолияти “Рақобат тўғрисида”ги ҳамда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун ҳужжатларига асосан ўрганиб чиқилди.
Ўрганишларда “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ Фарғона филиали (бўлинмаси) томонидан темир йўл вокзали (станциялари) бўйлаб 2023 йил давомида 606 380 та сотилган чипталардан воситачилик йиғим қиймати бўйича 660 миллион сўмга яқин, “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖ Фарғона филиали томонидан темир йўл вокзали (станциялари) бўйлаб 2024 йилнинг 1 январидан 24 июлгача 185 806 та сотилган чипталардан воситачилик йиғим қиймати бўйича 560 миллион сўмга яқин, умумий ҳисобда жами 792 186 нафар истеъмолчилардан 1,3 миллиард сўмга яқин ортиқча ҳақ ундирилгани аниқланди.
Юқоридагиларга асосан, Қўмита махсус комиссияси томонидан “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖга ва “Шаҳар атрофида йўловчи ташиш” МЧЖга шаҳарлараро ва шаҳар атрофида йўловчи ташиш бўйича Фарғона филиали томонидан ортиқча ундирилган тўловларни истеъмолчиларга қайтариши юзасидан кўрсатма берилиб, молиявий жарима қўлланилди.
Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.
Изоҳ (0)