Қирғизистон Миллий банки банклардан OFAC, Европа Иттифоқи ва Буюк Британиянинг санкциялар рўйхатига киритилган шахслар билан бизнес алоқаларини тўхтатишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда манбаларга таяниб, “Tazabek.kg” хабар берди.
Гап Россиянинг “Сбербанк”, “МTC Банк” ОАЖ, “Тбанк” АЖ (Tinkoff) ва NSPK миллий тўлов тизими оператори билан алоқаларга тааллуқли. Яъни, назорат органи халқаро санкциялар остидаги мазкур банклар ва ташкилотлар билан боғлиқ ҳар қандай операцияларни тўхтатишни сўраган.
Назорат органи иккиламчи санкциялар хавфини камайтириш учун шошилинч чоралар кўришни талаб қилмоқда. Қирғизистон Миллий банки банклардан мижозлар ва контрагентлар устидан назоратни кучайтиришни, уларнинг АҚШ (OFAC), Европа Иттифоқи ва Британиянинг санкциялар рўйхатларида мавжуд эмаслигини синчковлик билан текширишни, санкциялар таъсирига тушиши мумкин бўлган мижозларнинг операцияларига алоҳида эътибор қаратишни сўрайди.
Шунингдек, банклар мижозларнинг барча трансчегаравий операцияларини пул ювишга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича қонунчилик талабларига ҳамда халқаро санкцияларга мувофиқлиги юзасидан назорат ўрнатиши лозим бўлади.
Изоҳ (0)