Актриса Кейт Бланшетт Энди Коэннинг Watch What Happens Live теледастурига берган интервьюсида “Узуклар ҳукмдори” трилогиясида (2001, 2002 ва 2003 йилларда ишланган) яратган образидан “ҳеч ким ҳеч қанча пул ишламаган”ини айтди.
Кўрсатувда бошловчи актрисадан айнан қайси лойиҳа учун энг катта гонорар олгани ҳақида савол берди. Коэн актриса “Узуклар ҳукмдори” фильмидаги Галадриэл образини гавдалантиргани учун катта гонорар олганини тахмин қилди, чунки франшиза кинопрокатида 2,9 миллиард доллардан ортиқ даромадга эга бўлган эди.
“Ҳазиллашяпсизми? Йўқ, бу лойиҳадан мен ҳеч қандай фойда кўрмаганман”, деди Бланшетт.
Сўнг бошловчи актриса касса даромадларининг бирор фоизини олган ёки йўқлигини аниқлаштирди.
“Йўқ! Фильмни суратга олиш ишлари лойиҳа даромадга чиқишидан анча аввал бўлиб ўтган ва мен франшизадан ҳеч қанча даромад кўрмаганман, дея жавоб берди Кейт.
Бланшеттнинг таъкидлашича, у Питер Жексон томонидан суратга олинган пародияли ва қўрқинчли фильм (“Braindead”, 1992)да иштирок этган бир йигит билан ишлашни истагани учун лойиҳага розилик билдирган.
“Мен ижро этган ролим учун бепул сендвичлар олдим, холос. Аёллар сиз ўйлаганчалик катта маош олишмайди”, дея қўшимча қилди актриса.
Кейт Бланшетт “Узуклар ҳукмдори” актёрлари франшизадан жуда кам даромад олганини маълум қилган биринчи актриса эмас. 2023 йилда Леголас ролини ижро этган актёр Орландо Блум учта фильмдаги иштироки учун атиги 175 минг доллар тўланганини айтган эди.
Изоҳ (0)