“Ўзбекконцерт” давлат муассасаси концерт-томоша, тўй-маросимлар ва бошқа тадбирларни амалга оширишда иштирок этувчи маъмурлар лицензиясиз фаолият олиб бормаслиги кераклигини эслатиб, акс ҳолда жавобгарликка тортилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда “Дарё”га ташкилот ахборот хизмати раҳбари Севара Тўлаганова хабар берди.
“Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги қарорига асосан мамлакатимизда концерт-томоша йўналишида фаолият олиб бораётган маъмур (администратор)лар лицензия асосида фаолият юритиши белгиланган. Маъмурлик (администратор) — лицензияланиши лозим бўлган фаолият турига киради. Концерт-томоша фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун фаолият турига қараб давлат божи бир жисмоний шахсга бир йил ҳисобидан тўланади, дейди у.
Масъулнинг қўшимча қилишича, лицензияланиши лозим бўлган фаолият билан лицензиясиз шуғулланиш Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддасига кўра, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Изоҳ (0)