Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Баҳодир Аҳмедов раислигида “Ўзбекконцерт” давлат муассасасининг 2023 йилдаги тўққиз ойлик фаолияти якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилиш аввалида Баҳодир Аҳмедов бошқа ишга ўтиши муносабати билан муассаса раҳбари вазифасини бажариб келган Даврон Шералиевнинг вазифасидан озод этилганини билдириб, шу пайтга қадар директорнинг ижодий масалалар бўйича ўринбосари вазифасида фаолият юритиб келган Санжар Эрданов “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганини маълум қилган.
Қайд этилишича, йиғилиш давомида муассасанинг иш фаолияти қайта кўриб чиқилиб, бир ой мобайнида янги ижодий лойиҳалар бўйича аниқ чоралар белгиланиши, соҳа мутахассислари билан республика бўйлаб ташкил этилаётган концерт-томоша ва кўнгилочар тадбирларининг дастурларини алоҳида эътиборга олиш каби масалалар муҳокама қилинган.
Даврон Шералиев 2022 йил май ойида “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори лавозимига тайинланганди. Тайинловга қадар у Ўзбекистон давлат филармонияси бош директори ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келган.
Изоҳ (0)