Қорақалпоғистонда истеъмолга яроқсиз алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ахборот хизмати хабар берди.
Унга кўра, департаментнинг Қорақалпоғистон бошқармасининг ҳудудий бўлимлари томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор-қидирув тадбирлари ўтказилган. Қўнғирот, Шуманай, Тахиатош ва Амударё туманларидаги 4 та савдо дўкони ва 1 та умумий овқатланиш шохобчасида савдога қўйилган турли номдаги жами 806 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, Тўрткўл, Тахтакўпир ва Хўжайли туманларида қонунга хилоф равишда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган фуқаролар Д.Н., Н.А., С.Я. ва Р.М.дан қўлбола усулда тайёрланган жами 706 дона турли ҳажмдаги “Қаратау” номли алкоголь ҳамда 12 турдаги 2 324 қути тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)