Тошкент, Сирдарё ва Бухоро вилоятларида истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Унда фуқаро А.А. ноқонуний даромад орттириш мақсадида хорижий давлатларда ишлаб чиқарилган 10 турдаги жами 82 дона спиртли ичимликларни фуқаро С.Х.га 3,4 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Департаментнинг Ғиждувон туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “С.Д.” оилавий корхонасининг савдо дўконида 19 турдаги жами 1 956 дона тегишли ҳужжатлари бўлмаган ҳамда қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари сотувга қўйилгани аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Шу каби, департаментнинг Сардоба туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Б.Х.” МЧЖ савдо дўконида 11 турдаги жами 220 дона истеъмолга яроқсиз алкоголь маҳсулотлари савдога қўйилгани аниқланиб, ушбу маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилоятида қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотларини муомалага киритилишининг олди олингани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)