Москвада Ўзбекистон фуқароси бўлган аёл автобус бошқарувчисига ҳужум қилди. Бу ҳақда Россия Тергов қўмитаси Бош тергов бошқармаси маълум қилди.
Хабарга кўра, аёл жамоат транспортидан пул тўламай фойдаланишга ҳаракат қилган. Ҳужжатларни текшираётганда аёл ғазаблана бошлаган, кейин эса назоратчига ҳужум қилган. Шундан сўнг у қўлга олинган.
Маълум бўлишича, у миграция қонунчилигини бузган ҳолда пойтахтда бўлган.
Қайд этилишича, унга нисбатан аллақачон тергов ҳаракатлари ўтказилган, айбловлар қўйилган, сўроқ пайтида у ўз айбига тўлиқ иқрор бўлган.
РФ Жиноят кодексининг 318-моддаси 1-қисмида (ҳокимият вакилига нисбатан зўравонлик қўллаш) кўзда тутилган жиноят асосида жиноий иш қўзғатилди. Тергов судга айбланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш ҳақида илтимоснома киритмоқчи, дейилади хабарда.
Изоҳ (0)