Россияда асли Ўзбекистон ва Тожикистондан бўлган йигитлар, шунингдек, 16 ёшли самаралик Давлат думаси депутати Михаил Матвеевга суиқасд қилишда айбланмоқда. Бу ҳақда Тергов қўмитаси хабар берди.
Терговчиларнинг маълум қилишича, айбланувчилар 18 июль куни Самара шаҳрининг Саноат туманидаги кўчада ўзларини ғалати тутган ва жамоат тартибини қўпол равишда бузган. Давлат думаси депутати ва унинг ҳайдовчиси ноқонуний ҳаракатларга чек қўйишга уринганида, айбланувчилар уларга ҳужум қилиб, тан жароҳати етказган.
“Ўзбекистон ва Тожикистон республикаларида туғилган 19 ёшли шахслар, шунингдек, 16 ёшли маҳаллий фуқаро Давлат думаси депутати ва унинг ҳайдовчисини ўлдиришга уринишда айбланмоқда”, дейилади Тергов қўмитаси хабарида.
Айбланувчиларга нисбатан бир ой 29 сутка, шу жумладан, 17 сентябргача қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси тайинланган. Судда асли ўзбекистонлик йигит (ўзбекистон ва тожикистонликлар Россия фуқаролигини олган) рус тилини яхши билмагани учун таржимон ёрдамидан фойдаланган ва айбига иқрор бўлмаган.
Жиноят иши бўйича терговчилар воқеа жойини кўздан кечирган, айбланувчиларнинг яшаш жойларида тинтув ўтказилиб, суд экспертизалари тайинланган.
Изоҳ (0)