“Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖга 2,5 млрд сўмдан кўпроқ ортиқча олинган даромадни қайтариш юзасидан кўрсатма берилди, деб хабар бермоқда Рақобат қўмитаси матбуот хизмати.
Маълум қилинишича, қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан “Иссиқлик электр станциялари” тизимидаги “Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖнинг 2021-2023 йиллар давомида истеъмолчиларга етказиб берилган иссиқлик энергияси нархлари (тарифлари) шаклланиши ва қўлланилиши юзасидан ўрганиш ўтказилиб қуйидагилар аниқланди.
Мазкур табиий монополия субъекти томонидан ишлаб чиқарилган иссиқлик энергияси нархлари Тошкент шаҳар молия органи томонидан тасдиқланган бўлиб, унга кўра ҳар бир Гкал учун 13,3 м3 сув меъёрда сарфланиши белгиланган. Қайд этилган иссиқлик энергияси нархлари (тарифлари) бўйича ҳақиқатда қилинган харажатлар ўрганилганда ҳар бир Гкал учун белгиланган меъёр 14,01 м3га оширилганлиги аниқланган.
Натижада жамият томонидан сув сарфига белгиланган меъёр 0,71 м3га оширилиб, 4 728,85 минг м3 ортиқча сув сарфланган, бунинг оқибатида 2023 йил давомида сотилган 6 667 124,3 Гкал иссиқлик энергияси ҳажмига нисбатан 2,5 миллиард сўмдан ортиқ асоссиз даромад олинганлиги аниқланган.
“Тошкент иссиқлик маркази” МЧЖнинг юқоридаги ҳаракатларида ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомнинг талаблари бузилган деб топилиб, жамиятга нисбатан ўрнатилган тартибда иш қўзғатилди ва натижаси юзасидан ортиқча олинган даромадни ихтиёрий равишда истеъмолчиларга қайтариш юзасидан кўрсатма берилди.
Изоҳ (0)