Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Orient Finans Термиз филиалига иш қўзғатиб, жаримага тортди.
Маълум қилинишича, қўмитага Orient Finans хусусий акциядорлик тижорат банки Термиз филиали томонидан Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида ўрнатилган ташқи реклама воситаларини қонунийлиги юзасидан мурожаат келиб тушган.
Мазкур мурожаатни ўрганиш жараёнида, Orient Finans Термиз филиали томонидан Термиз шаҳри Ҳаким aт-Термизий кўчасидаги банк офиси олдида ўрнатилган ташқи реклама воситаларини ўрнатиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари (паспорт, гувоҳнома, рухсатнома ва ҳуқуқни белгиловчи бошқа ҳужжатлар) мавжуд эмаслиги ҳамда реклама ахборотини тарқатиш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан белгиланган тартибда шартномалар имзоланмасдан келингани аниқланди.
Юқоридагиларни инобатга олиб, “Реклама тўғрисида”ги қонун 24 ва 25-моддалари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сонли қарори билан тасдиқланган низом талаблари бузилиши аломатлари юзасидан Orient Finans Термиз филиалига нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси бўйича молиявий жарима қўлланилди.
Бундан аввал қўмита нотўғри реклама тарқатилгани учун AVO Bank АЖни жаримага тортганди. “Ипотека банк”га ҳам молиявий жарима қўлланилганди.
Изоҳ (0)