Покистон ва Эрондан бир кунда 5000 дан ортиқ афғонистонлик қочқинлар чиқариб юборилди. Бу ҳақда Ariana News хабар берди.
Афғонистон қочқинлар ишлари бўйича вазирлик маълумотларига кўра, 5,303 нафар қочқин 27 июль куни Нимроз вилоятидаги Пул-э-Абришам чегарасидан, Қандаҳор вилоятидаги Спин Болдакдан, Ҳирот вилоятидаги Ислом Қалъадан ва Нангарҳар вилоятидаги Toрxам дарвозасидан мажбуран қайтарилган ва кўчирилган. Бу ҳафтанинг бошида икки мамлакатдан депортация қилинган яна 17 минг нафар муҳожирга қўшимча бўлди.
Айни пайтда Эрондаги афғон муҳожирларига нисбатан салбий муносабатнинг янги тўлқини бошланди. Бу ўтган ҳафта охирида Теҳронда Эрон фуқароси ўлдирилганидан кейин содир бўлди. Тахминларга кўра, эронлик фуқаро уч нафар афғон муҳожири томонидан ўлдирилган. Сўнгги бир неча ой ичида Эрон ва Покистондан депортация қилинган кўплаб муҳожирлар икки давлат полицияси томонидан кўрсатилган муносабатдан шикоят қилган.
Покистон ва Эрон расмийлари афғон муҳожирларига нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳақидаги айбловларни бир неча бор рад этиб, улар билан халқаро қонунларга мувофиқ муомала қилиш ва афғонларни ҳужжатларсиз депортация қилишни ўзларининг қонуний ҳуқуқлари деб ҳисоблашини айтган.
Изоҳ (0)