АҚШ Исроилга 500 фунтли бомбалар етказиб беришни давом эттиради. Бу ҳақда АҚШ ҳукуматининг шахси ошкор қилинмаган расмийси берган маълумотга асосланиб, Reuters нашри хабар берди.
Президент Байден маъмурияти ҳарбийлар билан муҳокамалардан сўнг ушбу турдаги қуролни етказиб бериш бўйича умумий хулосага келган. Бомбалар ҳаво карвони орқали Исроил пойтахтига юборилиши белгиланган.
АҚШ томонидан Исроилга 500 ва 2000 фунтли бомбалар етказиб бериш 7 октябрь воқеалари туфайли тўхтатиб қўйилган эди. Исроил бу қуролларни Ғазода тинч аҳолига нисбатан қўллаши мумкинлиги ва қурбонлар кўплаб бўлиши эҳтимоли сабаб ўта оғир бомбаларни яҳудий давлатига юборишга эмбарго жорий қилинган.
Исроилга 500 фунтли бомбалар етказиб бериш қайта йўлга қўйилган бўлса-да, 2000 фунтли ва ундан каттароқ ҳажмдаги бомбаларга нисбатан чеклов ҳозирча давом этади. Чекловларни тўла олиб ташлаш фақат Ғазода ҳарбий ҳаракатлар тўхтагачгина, содир бўлиши мумкин.
“Бизнинг асосий хавотиримиз Рафаҳда ва Ғазонинг бошқа жойларида 2000 фунтли бомбалардан потенциал фойдаланилиши ҳақида бўлган ва шундай бўлиб қолади. 500 фунтли бомбалар борасида эса АҚШ ҳукумати иккиланиб ўтирмайди, уларни аввалги тартибда Исроилга юбориш давом этади”, деган АҚШ ҳукуматининг аноним расмийси.
500 ва 2000 фунтли бомбалар ниҳоятда вайронкор кучга эга. Улар қалин бетон ва металл конструкцияларни парчалаб ташлай олади. Шунингдек, урилиш нуқтаси атрофида кенг портлаш радиусини яратади.
Олдинроқ Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант Вашингтонга ташрифи чоғида АҚШнинг Исроилга ўқ-дорилар етказиб бериши масаласида сезиларли ютуқларга эришилганини айтган эди. Вазирга кўра, ҳозирда Вашингтоннинг Тель-Авивга ҳарбий таъминоти борасидаги барча тўсиқлар олиб ташланган.
Исроил доимий равишда АҚШ қурол-яроғини олишда давом этмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган йилнинг октябридан июнь ойи охиригача АҚШ камида 14 мингта МК-84 2000 фунтли бомбалари, 6500 та 500 фунтли бомба, 3000 та Hellfire аниқ бошқариладиган ер-ер типидаги ракеталар, 1000 та бункер-бустер бомбалари ва 2600 дан ортиқ кичик диаметрли ҳаво бомбаларини Исроилга етказиб берган.
Изоҳ (0)