Япония ва Филиппин раҳбарияти вакиллари 8 июль куни ўзаро мудофаа пакти имзолаган. Бу ҳақда Япония Ташқи ишлар вазирлиги тарқатган хабарга асосланиб, Reuters манбаси хабар берди.
Манбада айтилишича, ушбу шартнома имзоланишига Жанубий Хитой денгизида кескинлик кучайиши сабаб бўлган. Хитойнинг мазкур денгиздаги ороллар устидан эгалик қилиш борасидаги даъволари ва ҳарбий кемалари ҳаракати унинг атрофидаги икки мамлакатни ҳамкорлик столига олиб келган
Хитой таҳдидига қарши туришга интилган икки мамлакат ўзаро мудофаа ҳамкорлигини кучайтиришга келишиб олган. Эндиликда Япония ва Филиппиндан бирига ташқи ҳужум бўлган тақдирда у билан иттифоқчи томон урушга кириш мажбуриятини олади.
Япония ташқи ишлар вазири Ёко Камикава жанговар тайёргарликни ва табиий таҳдидларга жавоб бериш учун техника ва қўшинларнинг алмашинувини осонлаштирадиган пактни “муҳим ютуқ” деб атаган.
Битим Осиёда Япония томонидан имзоланган ушбу турдаги биринчи келишувдир. Токиё АҚШ билан ҳамкорлик доирасида Жануби-шарқий Осиё ҳукуматлари билан яхши алоқалар ўрнатган бўлса-да, амалдаги ҳарбий ва мудофаа пактлари имзоламаган эди.
Япония ҳам, Филиппин ҳам Америка Қўшма Штатларининг Осиёдаги энг яқин иттифоқчилари ҳисобланади. Бу икки мамлакатда Вашингтоннинг катта ҳарбий контингенти сақлаб турилади. Эндиликда Хитойнинг денгиздаги чақириқлари кучайиши ортидан улар бир доира атрофида тўплана бошлаган
Халқаро трибунал 2016 йилда Хитойга Жанубий Хитой денгизидаги ороллар борасида нота жўнатган. Нотада ороллар устидан Хитой ҳукмронлиги ҳеч қандай қонуний асосга эга эмаслиги айтилади.
Пекин халқаро суднинг чақириғини рад этган. Жанубий денгиздаги барча оролларни ўз таъсир доирасида деб эълон қилган ва улар атрофида ҳарбий кемалар жойлаштирган.
Изоҳ (0)