Афғонистон “Толибон” ҳаракати халқаро ҳамжамият томонидан Кобулга нисбатан қўйилган молиявий ва савдо санкциялари тезроқ бекор қилинишига умид қилмоқда. Бу ҳақда Доҳада БМТ томонидан ташкил этилган Афғонистон бўйича конференцияда афғон делегацияси раҳбари Забиҳуллоҳ Мужоҳид маълум қилди.
Афғонлар дунё билан ижобий ўзаро муносабатларни ривожлантиришга қаратилган тизим яратдилар, аммо бунга жавобан улар санкциялар ва чекловларга дуч келишди, — дейди Мужоҳид.
Унинг сўзларига кўра, сиёсий келишмовчиликлар кучли давлатлар ўз таъсиридан фойдаланиб, афғон халқига хавфсизлик, сиёсат ва иқтисод масалаларида босим ўтказишга киришадиган даражага етмаслиги керак.
Кобулнинг истаги бошқа давлатлар билан ижобий ҳамкорлик қилиш ва муносабатларни яхшилаш, — дея қўшимча қилган Мужоҳид.
Нашрнинг таъкидлашича, “Толибон” вакили ўз нутқида аёллар ҳуқуқларини чеклаши ва қизларнинг таълимини тақиқлаши натижасида Афғонистонда юзага келган “гендер тенгсизлиги” муаммосини тилга олишдан қочишга ҳаракат қилган.
30 июнь куни Доҳада бошланган икки кунлик учрашув БМТ шафелигида Афғонистоннинг келажакдаги ривожланиши бўйича асосий манфаатдор томонлар ўртасида консенсусга эришиш учун учинчи йиғилиш бўлиб ўтган эди.
Изоҳ (0)