Яманнинг “Ансоруллоҳ” ҳаракати 25 июнь куни Араб денгизида Исроилга алоқадор кемага зарба берган. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати эълон қилган баёнотга асосланиб, Аl Arabia манбаси хабар берди.
Манбада айтилишича, Яман қирғоқлари атрофидан ўтаётган MSC Sarah V кемаси ҳусийларнинг янги турдаги баллистик ракеталари билан нишонга олинган. “Ансоруллоҳ” кучлари кемага огоҳлантирмасдан зарба йўллаган.
Қизил денгиз ва Адан кўрфази қўшма денгиз ахборот маркази душанба куни Либерия байроғи остидаги кема Араб денгизида нишонга олинганини ёзган. Ҳусийлар учирган ракета кемага урилмаган. Кема кескин манёвр уюштириб қочишга муваффақ бўлган.
Ҳусийлар ушбу маълумотни рад этиб, кема Исроилга тегишли бўлганини, ундаги Либерия байроғи эса чалғитиш учун илинганини маълум қилган. “Ансоруллоҳ” шунингдек, кема ҳужумда жиддий шикастланганини қўшимча қилган.
Яман гуруҳининг матбуот котиби Яҳё Сария кемага тўғридан тўғри зарба берилганини тасдиқлаган. Ҳужумдан сўнг кема, йўналишини ўзгартириб, Сомали қирғоқлари томон сузиб кетган.
Буюк Британия денгиз савдо операциялари агентлиги кема экипажи ҳозирда хавфсиз ҳудудда эканини билдирган. У Яманнинг Ништун денгизидан 246 миля масофагача сузиб бориб, тўхтаган. Кемада жароҳатланганлар ва ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот мавжуд эмас.
Изоҳ (0)