АҚШ денгиз кучлари 14 июнь куни Қизил денгизда ҳарбий операция ўтказиб, ҳусийларнинг ҳаво радарларига зарбалар йўллаган. Бу ҳақда Al Arabiya нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, сўнгги 24 соатда АҚШ Қизил денгиздаги кемалари жойлашувини бир неча марта ўзгартирган. Яман ғарбидаги кузатув радарларига зарбалар берилган.
Ҳужумлар оқибатида 7 та радар ва битта ҳарбий дрон йўқ қилинган. АҚШ, шунингдек, ҳусийларга тегишли экани тахмин қилинган кемани ҳам чўктириб юборган.
АҚШ расмийлари ҳужум яқинда ҳусийлар томонидан тижорат кемасига берилган зарбага жавоб тарзида амалга оширилганини билдирган. Икки кун олдин Яманнинг “Ансоруллоҳ” ҳаракати Қизил денгиз жанубида Греция байроғи остидаги савдо кемасига шикаст етказган эди.
“Йўқ қилинган радарлар ҳусийларга денгиз кемаларини нишонга олишга ва тижорий юк ташишни хавф остига қўйишга имкон берган”, — дейилган АҚШ Марказий қўмондонлиги баёнотида.
Изоҳ (0)