Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида 19 июнь куни жамоат жойида юзини таниб бўлмас даражада ёпиб юрган йигит ушланди.
Қайд этилишича, “Чорсу” бозори олдида қора рўмол кийган, аёл кўринишидаги шахс ўз ҳаракати орқали шубҳа уйғотгани учун туман ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилган. Сўнг шахсига аниқлик киритиш мақсадида туман ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўлимига олиб борилган.
“Газета.уз”нинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлардаги манбасига таяниб ёзишича, текширув вақтида ушбу шахс Тошкент вилояти Бўка туманида яшовчи 22 ёшли Б.П. (эркак) экани аниқланган.
У ИИБ ходимлари томонидан тўхтатилиб текширилганда қонуний талабга бўйсунмай, фаол қаршилик кўрсатган. Суриштирув давомида фуқаро вақти-вақти билан бурқа-ҳижоб ўраб юриши аниқланди, — дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан йигитга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194- (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик), 195- (ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ҳамда 184−4-моддалари (жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган кўринишда бўлиш)га асосан ҳужжатлар расмийлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил сентябрда Ўзбекистонда жамоат жойларида юзини тўсиб юришни тақиқловчи қонун Сенат томонидан маъқулланганди. 31 октябрь куни президент ушбу қонунни имзолаган. Қонун билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган эди.
Унга кўра, Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Изоҳ (0)