Фарғонада икки марта судланган аёл такроран товламачилик содир этгани учун озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда “Замон” информацион дастурида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Ёзёвон туманида фаолият олиб борувчи профилактика инспектори Маҳмудов Фарғона вилояти ИИБ бошлиғига билдирги ва ариза билан мурожаат қилган. Унда айтилишича, инспектор озодликни чеклаш жазосини ўтаётган фуқаро Абдуллаевани яшаш хонадонига соат 22:00 дан сўнг, уни жазо ўташ қоидаларига риоя этаётганини текшириш учун борган ҳамда ҳужжатлар расмийлаштирган.
Фуқаро Абдуллаева инспектордан қасд олиш мақсадида вилоят ИИБ ишонч рақамига қўнғироқ қилиб, инспектор Маҳмудов ундан қарз олгани, анча кундан бери алдаб бермай келаётгани ҳақида ёлғон хабар бериб, ходимга чора кўришни сўраган.
Талаб қилган маблағни бермаса, шарманда қилишни давом эттишини айтгани учун Маҳмудов ўзининг раҳбариятига ариза билан мурожаат қилган. Ҳолат юзасидан ўтказилган тергов ишлари давомида фуқаро Абдуллаева инспектордан талаб қилган пулни олаётган пайтда қўлга олинган.
Бундан ташқари, Абдуллаева учта ҳолатда ўзгалар билан ишқий муносабатга киришиб, улар қарздор экани ҳақида бир неча маротаба ИИБга ёлғон ариза берган. “Ошиқларининг” оиласи ва ишхонадагиларини олдида шарманда қилиш билан қўрқитиб, уларга ҳомиладор эканлиги бўйича ёлғон гапириб, 3 кишидан салкам 14 миллион сўм ва 300 доллар ундирган.
Судда айбланувчи Абдуллаева Жиноят кодекси 165-моддаси (товламачилик) билан айбли деб топилиб, 5 йил 3 ойга озодликдан маҳрум қилинди.
Аввалроқ Самарқандда фуқароларга нисбатан жисмоний куч ишлатган ички ишлар органи ходими ишдан бўшатилгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)