Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистоннинг Кореядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Виталий Василевич Фен вафот этганини маълум қилди.
“Виталий Фен бутун умрини Ватанимизга хизмат қилишга бағишлаган атоқли давлат арбоби, спорт устаси ва профессионал дипломат эди. У 25 йил давомида Ўзбекистоннинг Сеулдаги дипломатик ваколатхонасини бошқарди ҳамда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга улкан ҳисса қўшди. Унинг кўп йиллик фаолияти Ўзбекистон-Жанубий Корея алоқаларининг мустаҳкамланишида ўчмас из қолдиради.
Виталий Василевич Фен “Фидокорона хизматлари учун” ва “Меҳнат шуҳрати”, шунингдек, Жанубий Кореянинг “Гвангхва” орденлари билан тақдирланган.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги жамоаси марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради”, — дейилади вазирлик хабарида.
Изоҳ (0)