Футбол бўйича ЖЧ—2026 саралашининг иккинчи босқичидан ўрин олган сўнгги баҳслар бўлиб ўтди. А гуруҳида кейинги босқич учун кураш олиб бораётган Қатар — Ҳиндистон учрашуви мезбонларнинг ғалабаси (2:1) билан якунланди.
Учрашувнинг 37-дақиқасида ҳиндистонлик Шангте ҳисобни очди. 73-дақиқада Юсуф Айман ҳисобни тенглаштирди. Қатар футболчисининг бош билан зарбасидан сўнг тўп майдонни тарк этганга ўхшаб кўринди ва барча ҳиндистонлик футболчилар бир муддат тўхтаб қолишди. Бундан фойдаланган қатарликлар тўпни эгаллаб рақиб дарвозасини ишғол қилди. Голдан сўнг барча ҳиндистонлик футболчилар ён ҳакамига эътироз билдирди, аммо бу норозиликлар қарорнинг ўзгаришига сабаб бўлмади.
Учрашув сўнггида яна бир гол ўтказиб юборган Ҳиндистон 5 очко билан А гуруҳида 3-ўринни эгаллаб, ўз юришини тўхтатди.
Маълумот учун, ушбу ўйинда ВАР тизими ишламаган.
Қатар жамоаси эса 16 очко билан гуруҳ етакчилигини қўлга киритди ва саралашнинг учинчи босқичига йўл олди.
Изоҳ (0)