Хоразм ва Наманган вилоятларида ноқонуний йўллар билан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департамент ҳамда ДХХнинг Наманган вилояти бошқармалари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда О.У. исмли шахс фуқаро А.Н.ни танишлари ёрдамида Наманган муҳандислик-қурилиш институтининг “Informатика” йўналишига ўқишга киритиб қўйиши эвазига 1,5 минг долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби, департаментнинг Янгибозор туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро И.М. икки нафар фуқаронинг ишончига кириб, уларни 3 минг доллар эвазига гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари ёрдамида ИИВ академиясига ўқишга киритиб қўйишини айтиб, олдиндан 1,4 минг доллар ва 1,2 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
- Бундан олдин Бухоро ва Фарғона вилоятларида ўқишни кўчириб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилганди.
- Шунингдек, Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида ўқишга киритиб қўйиш учун пул олган ОТМ ходимлари қўлга тушган эди.
Изоҳ (0)