Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятида ноқонуний йўллар билан ўқишга киритиб қўйишни ваъда қилган шахслар ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.
Қайд этилишича, департаментнинг Миробод туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Тадбирда А.Х. исмли шахс фуқаро Ж.Р.га Қозоғистондаги университетнинг 2-босқичини тамомлагани ҳақида қалбаки ҳужжат тайёрлаб бериш орқали уни Тошкент шаҳридаги Фармацевтика таълим ва тадқиқот институтига 3-босқичдан ўқишга киритиб қўйиши эвазига 2 минг доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Худди шундай, департаментнинг Янгиҳаёт туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Ж.И. исмли шахс фуқаро Д.Д.га Қозоғистондаги университетнинг 1-босқичини тамомлагани ҳақида қалбаки ҳужжат тайёрлаб бериш орқали уни Ўзбекистондаги университетлардан бирига 2-босқичдан ўқишга киритиб қўйиши эвазига 1,5 долларни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга тушган.
Департаментнинг Каттақўрғон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда эса Каттақўрғон шаҳар Абу Али ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми ходими Ф.Ш. икки нафар фуқарони ушбу техникумга ўқишга киритиб қўйиши эвазига 1 000 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Бундан олдин Бухоро ва Фарғона вилоятларида ўқишни кўчириб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатларига чек қўйилганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг қатор ҳудудларида ўқишга киритиб қўйиш учун пул олган ОТМ ходимлари қўлга тушган эди.
Изоҳ (0)