АҚШнинг Пенсилвания штатида жойлашган Филаделфия шаҳрида икки кекса иштирокида ноодатий тўй маросими бўлиб ўтди. 102 ёшли Маржори Фитерман 100 ёшли Берни Литтманга турмушга чиқди. Бу ҳақда “Правила жизни” нашри хабар берди.
Тўй қариялар уйида бўлиб ўтди. Улар ушбу масканда 9 йил аввал танишган. Литтманнинг набираси Сара Сихерманнинг сўзларига кўра, унинг бобоси ва Маржори бир-бирига далда бўлувчи энг яхши ҳамроҳни учратди. Улар кўп вақтини бирга ўтказади, иккови спорт билан шуғулланади. Улар коронавирус пандемиясини ҳам биргаликда бошдан ўтказди ва турли вазиятларда бир-бирини қўллаб-қувватлади.
Берни 65 йиллик турмушга эга, бироқ унинг рафиқаси Маржори билан учрашишидан бир неча йил аввал вафот этган. Маржори ҳам севимли турмуш ўртоғи билан узоқ йиллар бахтли яшади, бироқ у 1999 йилда вафот этди.
Ажабланарлиси, янги келин-куёв бундан анча йиллар илгари учрашиб қолиши мумкин эди. Уларнинг иккиси ҳам ёшликда Пенсилвания университетида бир вақтда таҳсил олган, аммо таълим йўналиши турли бўлганлиги сабаб Берни ва Маржорининг йўллари кесишмаган.
Сара Сихерманн бобосининг тўйини Гиннес рекордлари китобига киритишни истайди. Уларнинг умумий ёши 202 йилни ташкил этади.
Ҳозирда бизнинг аризамиз кўриб чиқилмоқда, — деди Сара. Ҳозирда рекорд англиялик Дорин ва Жорж Кирбига тегишли. Улар турмуш қурганда келин-куёвнинг умумий ёши 194 йил, 279 кун бўлган.
2019 йил августда АҚШнинг Оҳайо штатида 100 ёшли Жон Кук ва 103 ёшли Филлис ҳам турмуш қурган. Аммо улар рекордни рўйхатдан ўтказмаган.
Изоҳ (0)