Туркиянинг Мерсин шаҳрида 26 май куни автобус иштирокида содир бўлган йўл транспорт ҳодисаси оқибатида 11 киши ҳалок бўлди, ўнлаб кишилар жароҳатланди. Бу ҳақда шаҳар губернатори Али Ҳамза Пеҳливанга таяниб, Halk TV хабар берди.
“Мерсин губернатори Пеҳливан, биринчи маълумотларга таяниб, трассада юз берган занжирли автоҳалокат натижасида 11 киши ҳалок бўлгани ва 30 киши жароҳатланганини маълум қилди”, — дейилади баёнотда.
Аданадан келаётган автобус ёмғирли ҳавода сирпаниб, қарама қарши йўналишга чиқиб кетган. Шундан кейин у иккита енгил автомобиль ва битта юк машинасига бориб урилган. Ҳодиса жойига ўт ўчириш ва тиббиёт ходимлари жалб қилинган. Ҳозирда жароҳатланганлар сони 38 тани ташкил этади, улар орасида аҳволи оғирлар ҳам бор.
Воқеа содир бўлганидан сўнг Адлия вазири Йилмаз Тунч қуйидагича баёнот берган.
“Мерсиннинг Тарсус округи Енисе туманидаги ТАГ трассасида содир бўлган занжирли йўл транспорт ҳодисаси барчамизни чуқур қайғуга солди. Воқеа юзасидан Тарсус Бош прокуратураси томонидан суд тергови бошланиб, Тарсус Бош прокурори раҳбарлигида 3 нафар прокурор тайинланди. Йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлган фуқароларимизга Аллоҳдан раҳмат, оила аъзоларига сабр-тоқат, жароҳатланган фуқароларимизга эса тезроқ соғайиб кетишларини тилайман”, — деган у.
Изоҳ (0)