Туркиянинг Ёзгат вилоятида йўловчи автобуси билан содир бўлган ЙТҲда 12 киши ҳалок бўлди, деб хабар берди А Haber телеканали.
“Ёзгат вилоятининг Сорғун туманида йўловчи автобуси жарликка қулаб тушди, оқибатда 12 нафар одам ҳалок бўлди”, — дейилади хабарда.
Йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида яна 19 киши жароҳатланган. Жабрланганлар Сорғун давлат касалхонасига ётқизилган.
Воқеа жойига борган Ёзгат губернатори Меҳмет Али Ўзкан воқеа сабабларини аниқлаш учун тергов ўтказилиши кераклигини айтди. Адлия вазири Йилмаз Тунчнинг айтишича, тергов ҳаракатлари аллақачон бошланган.
Туркияда автобуснинг баландликдан қулаши билан боғлиқ ҳодисалар 30 июль ва 10 август куни ҳам содир бўлганди.
30 июль куни Карс вилоятида юз берган ҳалокатда ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб қўйган ва автобус 50 метрлик қоядан қулаганди. Оқибатда етти киши ҳалок бўлган, яна 22 киши жароҳатланган.
10 август куни Истанбулнинг Эюпсултон туманида аэропорт қурилишида иштирок этган ишчиларни олиб кетаётган автобус ағдарилиб кетганди.
Изоҳ (0)