Мисрда дарёда сузаётган паромдан сувга тушиб кетган 5 нафар аёл воқеа жойида ҳалок бўлган. Бу ҳақда Al Arabiya нашри хабар берди.
Воқеа 21 май куни содир бўлган. 20 нафарга яқин йўловчини олиб сузаётган паромдан бир нечта фуқаролар сувга тушиб кетган.
Хабарда айтилишича, ҳолат паром ичида бўлган микроавтобус чайқалиш ортидан сувга тушиб кетиши оқибатида юзага келган. Бу пайтда 6 нафар йўловчи автобус ичида бўлган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги бахтсиз ҳодиса Ғизо вилоятининг Моншат ал-Канатер шаҳрида содир бўлганини билдирган. Ҳалокатда яна 9 нафар фуқаро жароҳатлангани ҳам хабар берилган.
Вазирликнинг билдиришича, жароҳатланганларнинг олти нафарига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган. Уч нафар фуқаро касалхонага ётқизилган. Уларнинг жароҳатлари ва ҳолати ҳақида батафсил маълумот берилмаган.
Ғизо вилояти губернатори Аҳмад Рашид микроавтобус Нил дарёсидан олиб чиқилганини маълум қилган. Қутқарув ишлари давом этмоқда.
Ҳодиса сабабларига аниқлик киритилмаган. Расмийлар ҳодисага техник носозлик сабаб бўлганини билдирган.
Жорий йилнинг февраль ойида ҳам Ғизо ҳудудидан оқиб ўтувчи Нил дарёси қисмида паром билан боғлиқ ҳалокат юзага келган эди. Ҳодиса оқибатида паром бутунлай чўкиб, унинг бортида бўлган 15 фуқародан 10 нафари ҳалок бўлган.
Изоҳ (0)