Самарқанд вилоятининг Паст Дарғом туманидаги мактаб ўқувчиси 30 ёшли эркак томонидан “самосуд” қилингани ҳақида хабарлар тарқалганди. Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни ўрганиб, ўз кузатувига олди.
Дастлабки маълумотларга кўра, 16 май куни Паст Дарғом тумани ИИБга 2009 йилда туғилган Б.С. тан жароҳати олгани тўғрисида унинг онаси Ж.I. дан ариза келиб тушган.
Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, вояга етмаган Б.С. 20-мактабнинг 9-синфида таълим олиши, у шу мактабнинг 6-синф ўқувчиси бўлган қиз Қ.А.га севишини айтган. Сўнг қизнинг акаси А.Қ. ҳолатдан хабар топиб, 15 май куни болани ўз уйига олиб кириб, унга тан жароҳати етказган.
Шунингдек, А.Қ. гўёки унинг таъзирини бериш мақсадида сочи ва қошини қайчи билан қирқиб, уйидан чиқариб юборган.
Самарқанд вилояти ИИБ воқеа юзасидан 19 май куни Пастдарғом тумани ИИБ ТБ томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 1-қисми (қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилганди. Ушбу жиноят иши Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “г”,“м” бандига (қуролни ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни ишлатиб ўта шафқатсизлик билан қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш) қайта малакаланди.
Гумонланувчи ҳимоячи ҳуқуқи билан таъминланиб, жиноят-просессуал кодексининг 227-моддаси тартибда ушланган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Тергов давомида вояга етмаган Б.С. га нисбатан содир этилган бошқа ғайриқонуний ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо берилмоқда.
Изоҳ (0)