Самарқандда ижарага берилган ерни сотмоқчи бўлган шахс қўлга тушди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар берди.
13 май куни Самарқанд вилояти ИИБ тезкор қидирув хизмати Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда Самарқанд шаҳрида тезкор тадбир ўтказилган.
1993 йилда туғилган, Пайариқ туманидаги маҳаллалардан бирида ёшлар етакчиси лавозимида ишлаган Э.Ш. ариза муаллифига Пайариқ тумани “Ал-Бухорий” маҳалласи ҳудудида жойлашган тўрт нафар қариндошига деҳқон хўжалиги юритиш учун 30 йилга ижарага берилган жами 2,10 гектар суғориладиган ер майдонини 36 минг долларга сотишини ва ҳужжатларни унинг номига расмийлаштириб беришини айтиб, олдиндан 20 минг доллар олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)