Тошкент шаҳридаги барча ёруғлик диодли (LED) экранлардаги ташқи реклама объектларининг ёруғлик даражаси яқин икки ой ичида меъёрга келтирилади. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти Ташқи реклама лойиҳа офиси раҳбари Алихон Аҳмаджонов маълум қилди.
Аҳмаджоновнинг сўзларига кўра, ҳокимликка аҳоли ва шаҳар меҳмонлари томонидан шаҳар ҳудудига ўрнатилган LED экранлардаги рекламаларнинг ёруғлик даражаси юзасидан мурожаатлар келиб тушган. Шу сабабли ҳозирда ушбу экранларни масофадан туриб ёруғлик ўлчаш ускуналари орқали текшириш бошланган. Дастлабки ўрганиш натижасида шаҳардаги экранларнинг 90 фоиздан кўп қисми меъёрдан юқори ёруғлик тарқатиши аниқланган.
Ёруғликни меъёрга келтириш жараёни бошланганда биз шунақа ҳолатларни кўрдикки, айрим LED экранларнинг ёруғлик даражаси туннинг қоронғи вақтида меъёридан 50 бараваргача юқори бўлган. Шаҳарсозлик нормаларида тунги вақтда ёруғлик диодли мониторларнинг максимал ёруғлик даражаси 100 кандел/квадрат метр этиб кўрсатилган. Ва биз ҳозирги мониторларни жойига чиққан ҳолда ўлчаб, шу 100 кандел/квадрат метр даража меъёргача келтириш ишларини олиб бормоқдамиз, — дея тушунтирди лойиҳа офиси раҳбари.
Унинг қўшимча қилишича, ёруғлик даражасини бузганлик учун ҳеч қандай жазо мавжуд эмас. Лекин ҳозирда “Ҳудудий электр тармоқлари” билан биргаликда ушбу экранлар эгалари томонидан меъёрга келтирилмаган тақдирда, уларни мажбурий тартибда электр тармоғидан узиш режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида реклама конструкцияларини оммавий бузиб ташлаш ишлари 2021 йил 8 апрелдан бошлаган эди. Ташқи реклама объектларининг эгалари конструкциялар қонун бўйича ўрнатилгани, “снос” бўйича кўрсатма “юқоридан” бўлганини маълум қилган. Ўшанда тадбиркорлар ҳукуматнинг ҳаракатини ноқонуний деб айтган, чунки баннерлар суд қарорисиз бузиб ташланган.
Реклама соҳасидаги тадбиркорлар ҳатто ушбу вазиятни ҳал этишга чақирувчи бир нечта реклама баннерлари ўрнатиш орқали реклама конструкцияларининг ноқонуний бузилишини тўхтатишни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллаган. Монополияга қарши курашиш қўмитаси пойтахтдаги реклама конструкцияларнинг ярми талабга жавоб бермаслигини билдириб, томонларни қонунчиликка риоя қилишга чақирганди.
Изоҳ (0)