Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида қўрқитиб қўйиш мақсадида болани машина юкхонасига солиб ҳаракатланган эркакка жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда “Дарё”га Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
14 май куни соат 19:30 ларда Қўқон шаҳар Обод юрт кўчасида яшовчи эркак ушбу кўчада ўйнаб юрган 6 ёшли болани яшаш хонадони девори ва ойнасига тош отганлигида гумон қилиб, ундан ўч олиш мақсадида, унинг қаршилигига қарамасдан, ўзига тегишли Nexia-2 юкхонасида ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган шароитда сақлаган ҳолда ҳаракатланган.
Шу вақт вояга етмаган боланинг онаси автомашинани тўхтатиб, фарзандини озод қилган.
Фарғона вилояти ИИБ ҳолат юзасидан фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси тартибида ҳужжатлар расмийлаштирилганини билдирганди.
Бош прокуратура Қўқон шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 138-моддаси (зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.
Гумон қилинувчи процессуал тартибда ушланган.
Изоҳ (0)