Янги Зеландия ҳукумати Россиянинг Украинага ҳужумида ҳарбий-стратегик ёрдам кўрсатаётган 28 нафар жисмоний ва 14 нафар юридик шахсга нисбатан қўшимча санкциялар жорий қилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Россия ўзининг ҳарбий саноат комплекси кўмаги билан Украинага қарши ноқонуний тажовузни амалга оширмоқда, унинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига таҳдид қилмоқда, — дейилади баёнотда.
Янги Зеландия ТИВ хабарига кўра, КХДРдан Россияга қурол-яроғ ўтказиш билан шуғулланувчи шахслар ва компаниялар, шунингдек, Москвага ҳарбий ёрдам кўрсатишда иштирок этган Эрон субъектларига нисбатан чекловлар жорий этилган.
Санкциялар, шунингдек, украиналик болаларни Россияга ва Украинанинг босиб олинган ҳудудларига мажбуран кўчиришда ёрдам берувчиларга ҳам қаратилган.
Украиналик болаларнинг депортациясига кўмаклашишда давом этиш орқали Россия Украинага бостириб кириш, жумладан, Украинанинг ўзига хослигига путур етказиш бўйича ўз мақсадларига эришмоқчи, — дейди Янги Зеландия ТИВ раҳбари Уинстон Петерс.
Россия—Украина уруши бошланганидан сўнг, Янги Зеландия 1700 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга нисбатан санкциялар, шунингдек, бир қатор савдо чекловларини жорий этган.
Изоҳ (0)